«GUL ASTANA» фестивали бошланди

«GUL ASTANA» фестивали бошланди

Тадбир мақсади – Қозоғистон ўсимликлар  дунёсининг ранг-баранглигини намойиш этиш, шаҳар аҳли ва меҳмонларига яхши кайфият улашишдан иборат. Ландшафт дизайнерлари ва флористлар санъатини намойиш этади. Масалан,  ўтовлар қошидаги гуллар мамлакатнинг тўрт томонини акс эттиради, бой флорасини кўрсатади.

МАЙРА ИЗМАЙЛОВА, ФЕСТИВАЛЬ ПРОДЮСЕРІ

- «Мамлакатимиз қандай кўркам» деганича бу ерга келганларнинг ҳар бири  Қозоғистоннинг барча ландшафтларини томоша қила олади. Бундан ташқари, гуллар билан безалган 6 та махсус фотомайдонча қурилди. Шу жумладан, афсонавий «Дўс-Муқасан» га аталган майдонча ҳам бор. Биттасида Олтой чечакларини тўпладик. Йил фасллари аниқ кўриниб турадиган чодир тикдик. Ўсимликларга оид бошқа қизиқарли чора-тадбирларни ҳам тақдим этяпмиз.

Шунингдек, фестиваль доирасида «Жонланган гуллар» мазмунидаги суратлар танлови ўтказилди, флористлар танлови ғолиблари аниқланди. Турли театрлаштирилган интерфаол дастур ва мастер-класслар ташкил қилинди.

ЖЕНИС ЕРМҰҚАНОВ, МУХБИР:

- «Йигитга етмиш ҳунар оз», ҳар бир фуқаро ўз қўллари билан гулчамбар ясаб, чиройли композициялар ясай олиши ҳам жуда муҳим. Чунки инсон ўз қўли билан яратган гўзалликдан катта таассурот олиши сир эмас.

Бу гуллар жамолини намойиш этувчи шунчаки кўргазма эмас. Ташкилотчилар мазкур тадбир орқали шаҳар аҳлини эко-ҳаракатларга жалб этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш нақадар муҳимлигини кўрсатиш, эко-фаолларни тўплашни мўлжаллаган. Эко-дарслар, чиқиндилардан фойдаланиш йўллари ўргатилади.

ФЕРДУСА, ФЕСТИВАЛЬ МЕҲМОНИ /ҚИРҒИЗИСТОН/:   

- Бу жуда фойдали фестиваль. Тонгдан одамларнинг кўнгли кўтарилди. Гўзал арт-намуналари тақдим этилди. Чор-атроф гулга кўмилган. Ҳар бир гулдастанинг ўз мазмуни бор. Бу ерда экология, табиатни муҳофаза қилиш масалалари кўтарилган. Шаҳарни гуллар билан безаш зарурлиги намойиш этилган.

Тадбир якунларига кўра, шаҳарсозлар Астананинг яшил харитасини ясайди, парклар яратиш учун қулай жойларни белгилаб олади ва шаҳар рамзи бўла оладиган гулни танлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси