Метан чиқиндиларини камайтириш масаласи кўрилди

Метан чиқиндиларини камайтириш масаласи кўрилди

2022 йил октябридан бошлаб республикада АҚШ элчихонаси ёрдамида мажмуавий ишлар олиб бориляпти. Шу жумладан, метан газининг атмосферага чиқарилиши мониторинг қилиняпти. Шунингдек, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ходимлари билан тренинглар ўтказиляпти, маҳаллий ижро органлари билан онлайн учрашувлар ўтказиляпти, йўл харитаси тайёрланяпти. Асосий мақсад –Қозоғистоннинг глобал ташаббусга қўшилишига эришиш. АҚШ ва Европа Иттифоқи ишлаб чиққан шартномага кўра, ҳавога чиқаётган метан ҳажми 2030 йилгача 30 фоизга қисқариши керак. Жаҳоннинг 150 дан зиёд давлати бу йўналишда зиммасига қатор мажбуриятлар олган. Қозоғистон  ҳам шартномани имзолаш арафасида, дея таъкидлади АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм.

Дэниел Розенблюм, АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси:

- Ушбу дастур ёрдамида метаннинг қанчалик хавфли эканлигини афкор омма тушуниб етади, чиқиндининг энг катта манбаи бўлган нефть-газ секторида, энергетикада чора-тадбирлар кўриш имкони туғилади, деб ҳисоблаймиз. Қишлоқ хўжалигидан чиқадиган метан ҳам бор. Биз ушбу лойиҳалар устида давом этаётган фаолиятимиз мобайнида Қозоғистон  иқлим ва тоза ҳаво учун коалиция тузиш тўғрисида тузилган глобал шартномани имзолашига ишонамиз. У туфайли Қозоғистон  метан чиқиндиларини камайтириш бўйича ёрдам ола бошлайди.

Экспертлар берган маълумотга кўра, метан жаҳонда чиқаётган иссиқхона газларининг чорак қисмини ташкил қилади. Шунга қарамай, у биогазнинг муҳим қисми, тоза энергия манбаи ҳисобланади. Келажакда эса у табиий газ ўрнини босади.

Бикамал Есиркегенова, Қозоғистонда метан чиқиндиларини камайтириш бўйича  лойиҳа мувофиқлаштирувчиси:  

- Бу чиқиндиларни қисқартириш зарур, махсус полигонлар яратиш ва газни ажратиб олиш керак. Олинган биогаз таркибида карбонат ангидрид, метан, водород сульфид ва бошқалар бор. Биогаз анаэроб усулда ачийди ва ушбу газдан муқобил энергетикада фойдаланиш мумкин. Турли зарарли қўшимчалардан тозаланганидан кейин у табиий газ хоссаларига эга бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси