Жамият

IV Кичик қурултой Монголияда ўтказилади

Монголияда Қозоқларнинг IV кичик қурултойи ўтказилади. Улан-Батор, Қўбде ва Баян-Улгиеда бу тадбирни ўтказиш ташаббуси «Ўтандастар жамғармаси» томонидан билдирилди.

«TAX FREE» лойиҳаси 2024 йил охиригача давом этади

Қозоғистонда «Tax Free» пилот лойиҳасининг муддати узайтирилди. Хорижлик туристларнинг харидлари учун қўшимча қиймат солиғини қайтариш амалиёти 2024 йил охиригача давом этади.

Аграр академиялар ҳамжамияти ташкил қилинади

Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти қошида аграр фанлар академиялари ҳамжамияти ташкил қилинади. 


Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти қошида аграр фанлар академиялари ҳамжамияти ташкил қилинади. Унинг дастлабки аъзолари сифатида Қозоғистон ва Тожикистон рўйхатга олинди. Пойтахтда бўлиб ўтаётган халқаро агро-биотехнология форуми давомида уч томонлама ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Улар биргаликда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ниятида. Яъни, ўзаро чорвачилик ва зироатчилак бўйича маълумот ва тажриба алмашади. Масалан,  Қозоғистоннинг оқ бош сигирлари ва Едилбай қўйлари Тожикистоннинг тоғли ҳудудларига олиб борилиши, Тожикистоннинг ҳисор эчкилари эса бизнинг даштларда кўпайтирилиши мумкин. Лекин ҳамкорлик мол зотларини такомиллаштириш билан чекланмайди.

Ерлан Байдаулет, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ислом ташкилоти бош директори:

- Тожикистоннинг атиги 7 фоизи тоғли ҳудудларга кирмайди. У ҳам Фарғона водийсида жойлашган. Бу ҳудуддан махсус ер ажратиб, олимларимиз ёрдамида Тожикистон мутахассислари Қозоғистонда чиқарилган буғдой навларини етиштиради. Бизда Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти қошида ҳам бир қанча лойиҳалар бор. Стратегик дастурлардан бири – буғдой етиштиришни ривожлантириш. Бунинг учун ҳаракат қиламиз. Шу тариқа аниқ натижаларга эришамиз, деб ўйлайман.

Тилектес Еспўлов, Қозоғистон республикаси қишлоқ хўжалиги илмий академияси президенти:

- Биз зироатчилик, чорвачилик соҳаларида генетик захиралар билан ишлашимиз, Қозоғистонда генетика банкини яратишимиз зарур, яъни уларни сақлаш учун генетик жамғарма керак.  Бугунги кунда мавжуд бўлган генлар келажак учун сақлаб қўйилиши лозим. Бу борада ҳозирнинг ўзида кўп ишларни амалга оширяпмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.

Президент ШХТ давлат раҳбарлари кенгашида қатнашди

Қозоғистон ШХТнинг глобал дунёдаги нуфузини ошириш тарафдори. Қосим-Жўмарт Тўқаев ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида шундай баёнот берди.


Қозоғистон ШХТнинг глобал дунёдаги нуфузини ошириш тарафдори. Қосим-Жўмарт Тўқаев ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида шундай баёнот берди. Қозоғистоннинг ташкилотга раисликни қабул қилиши арафасида Президент ҳамкорлик устуворликларини тилга олди. Шу жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш доирасида Қосим-Жўмарт Тўқаев қўшма Инвестициявий жамғарма тузишни таклиф этди. Минтақавий лойиҳаларга капитал  жалб этиш учун Шанхай Хавфсизлик ташкилоти "Астана" халқаро молиявий маркази имкониятларидан фойдалана олади. Давлат раҳбари ШХТ доирасида транспорт-логистика имкониятларини ривожлантириш зарурлигини алоҳида тилга олди. Амалий чора сифатида у йирик стратегик портлар ва логистика марказлари ҳамкорлик тармоғини яратишни таклиф этди. Президент рақамли технологиялар соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш лозимлигини кўрсатиб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон республикаси президенти:

- Қозоғистон ШХТ ҳудудидаги рақамли хаб сифатида ўз хизматларини таклиф қиляпти. 2024 йилда Астанада технопарклар ва инновациявий кластерлар пули бошқарувчи комиссияси биринчи йиғилиши билан бирга ШХТ Рақамли форумини ўтказишни таклиф этаман. Мамлакатларимизнинг фуқаролари учун рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятини яратиш ва иқтисодиётларимиз инновациявий-технологик ривожланиши учун янги туртки бера олишимизга ишонаман.Шанхай ҳамкорлик ташкилоти чегараларини кенгайтирмоқда. Эрон ташкилоти тўлақонли аъзоси мақомига эга бўлди. Беларусь навбатда турибди. Жаҳон умумий  ички маҳсулотининг чорак қисмидан зиёди ва жаҳон савдосининг 15 фоизи ШХТ улушига тўғри келади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.

2024 йилдан бошлаб бизнесни текшириш ҳолатлари камаяди

Қозоғистонда таваккалларни бошқаришнинг автомат тизимлари йўлга  қўйилиши оқибатида келгуси йилдан бошлаб барча турдаги давлат назорати, органлари томонидан тадбиркорларни текшириш ҳолатлари икки марта қисқаради. 


Қозоғистонда таваккалларни бошқаришнинг автомат тизимлари йўлга  қўйилиши оқибатида келгуси йилдан бошлаб барча турдаги давлат назорати, органлари томонидан тадбиркорларни текшириш ҳолатлари икки марта қисқаради. Ҳукумат йиғилишида бизнес иқлимини яхшилаш масаласи муҳокама қилинди. Миллий иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 5 ойи давомида 6 мингдан зиёд лойиҳага субсидия ажратилди, 440 миллиард тенге кредит берилди. 4 мингдан зиёд лойиҳа 144 миллиард тенге миқдорида давлат кафолатлари олди. 2022 йилдан буён 46 мингта кичик ва ўрта бизнес лойиҳасига 1,3 миллиард тенге миқдорида кўмак кўрсатилди. Мамлакатда ишлаб турган корхоналар сони 23 фоизга ошди ва 2 миллионга етди. Улар салкам 60 триллион тенге қийматга эга маҳсулот чиқарди. Ҳукумат 2030 йилгача кичик ва ўрта бизнес улушини 40 фоизга етказиш ниятида.

Алихан Смаилов, Қозоғистон республикаси бош вазири:

- Бунинг учун «Аул аманати», «Аул – Ел бесиги», моно ва кичик шаҳарларни ривожлантириш, «Оддий буюмлар иқтисодиёти» дастурлари ҳамда Бизнес йўл харитаси – 2025 орқали ёрдам бериляпти. Давлат органлари «Атамекен» тадбиркорлар палатаси билан бирга уларнинг жойларда самарали рўёбга чиқарилишига эришиш зарур.  Шунингдек, нохомашё соҳалар, шу жумладан, қайта ишлаш саноати салоҳиятини кенгайтириш керак. Бу асосий ускуналарни модернизациялаш ва янги технологиялар жорий этишга ҳам тааллуқли.

Абдумалик Сарманов таржимаси.

Тиббий туризмни ривожлантириш муҳокама қилинди

Қозоғистон, шу жумладан, Астана жаҳоннинг энг йирик тиббий туризм марказларидан бирига айланиши мумкин.


Мамлакатда ва унинг пойтахтида бундай меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун ҳамма нарса бор. Юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган клиникалар, кенг спектрли ва сифатли хизматлар, халқаро стандартларга мослик, шунингдек, ҳамёнбоп нархлар. Астанада бўлиб ўтган махсус панел сессия иштирокчилари ушбу туристик йўналишни ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритдилар. Анжуман қардош шаҳарлар форуми доирасида ташкил қилинди. Унда Исроил, Озарбайжон, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Белорусь ва бошқа қатор давлатлар вакиллари қатнашди.

Наталья Мелех, тиббиёт маркази бош директори /Исроил/:

- Қозоғистон ҳамиша бизнинг энг муҳим ҳамкорларимиздан бўлиб келган, менимча, бунга сабаб давлат мунтазам кадрлар учун маблағ сарфлайди. Ушбу давлатнинг ҳар бир фуқароси юқори даражада сифатли тиббий ёрдам олиши учун имконият яратади. Натижада, мамлакат тиббий туристларни ўзига жалб эта бошлади. Ҳатто Европа, Америкадан одамлар шифо излаб шу ерларга етиб келяпти, чунки нисбатан арзон. Тиббиёти эса машҳур, JCIда аккредитацияланган, у дунёдаги энг муҳим аккредитация ҳисобланади. Шунинг учун Қозоғистон биздаги каби дунё тиббий туризми марказига айланиши мумкин. Қозоғистон тиббий туризм ҳамжамияти берган маълумотга кўра, республикада кардио ва нейрохирургия, аъзолар имплантацияси ва кўчириб ўтказиш, стоматология, шунингдек, экстракорпорал уруғлантириш яхши ривожланган. Ўтган йили мазкур хизматлар олиш ниятида мамлакатга 5 мингдан зиёд турист келди.

Кристина Кривец, Қозоғистон тиббий туризм ҳамжамияти президенти: 

- Бизга, маълумки, кўпроқ собиқ Иттифоқ ҳудудидан, Россия, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистондан кўп одам келади. Лекин олис хориждан, Америка, Германия, Исроил, Туркия, араб амирликларидан ташриф буюраётганлар ҳам кўп. Ҳозир Швейцария ва Австралиядан келаётганлар сони ортаяпти. Астана, Қозоғистон нархлар ҳамёнбоплиги ва жаҳонда мавжуд бўлган энг янги технологиялар сабабли беморлар эҳтиёжини қондириши мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси.