Сиёсат

Қосим-Жўмарт Тўқаев «Марказий Осиё – Хитой» биринчи саммитида қатнашди

 

Марказий Осиё давлатлари ва Хитой раҳбарлари Сиань декларациясини имзолашди  ҳамда навбатдаги «Марказий Осиё – Хитой» саммитини  2025  йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида келишиб олишди.  Бўлиб ўтган форумни Қосим- Жўмарт Тўқаев кўп томонлама ҳамкорликда янги йўналишлар тақдим этувчи ўта муҳим тарихий воқеа, деб баҳолади. Минтақанинг Осмон ости мамлакати билан савдо алоқалари кенгайиб бормоқда. 2022 йилда бу кўрсаткич 70 миллиард долларга етди. 2030 йилга бориб Марказий Осиё республикаларининг қўшни давлат билан товар айланмаси 100 миллиард долларга етиши мумкин, деди Қосим Жўмарт Тўқаев.

Қосимўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Савдо номенклатураси кенгайиши ҳисобига экспортнинг ортиши бунда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Қозоғистон  135 нохомашё товарлари бўйича экспортини кенгайтириши мумкин. Ўтган йили, пандемия туфайли юз берган уч йиллик танаффусдан сўнг биз Қозоғистон – Хитой чегарасидаги «Хоргос» халқаро савдо марказини ишга туширдик. Барча, шу жумладан, Хитой билан умумий чегараси бўлмаган Марказий Осиё давлатларини савдо-логистика хаби имкониятларидан фойдаланишга чақираман. Биз хитойлик инвестициявий ҳамкорлар билан бирга чегарада сифат жиҳатидан янги асосда, бу йўналишда тўпланган тажрибамиздан хулоса чиқариб, иккинчи қуруқлик порти барпо этишни режалаштирганмиз.

Президент транспорт-логистика инфратузилмаларини ривожлантиришни яна бир устувор йўналиш, деб ҳисоблайди. Қосим-Жўмарт Тўқаев хитойлик ҳамкорларни Каспий портлари имкониятларини кенгайтириш ҳамда автомобиль кластерларини ривожлантиришда қатнашишга чақирди. Давлат раҳбари минтақалар яқинлашиш асосларидан бири сифатида чегараоша ўтган сув захираларини кўрсатди. Бу – ажабланарли эмас, Марказий Осиё сув танқислигига дуч келиши эҳтимоли катта бўлган минтақалардан бири.

Қосимўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Иқлим ўзгаришлари жараёнлари минтақа сув ҳавзаларининг асосий манбаси бўлган музликлар майдони қисқаришига олиб келяпти. Буларнинг ҳаммаси Марказий Осиёнинг озиқ-овқат, энергетик ва экологик хавфсизлигига таъсирини кўрсатади, дарҳол қўшма чоралар кўришни талаб этади. Мавжуд сув захираларидан фойдаланишда оқилона ёндашувлар зарурлиги барчамиз учун биринчи навбатдаги вазифа. Шу жумладан, сувни тежаш ва суғоришда самарали рақамли ечимлар жорий этиш жуда муҳим. Хитой бу йўналишда улкан ютуқларга эришган. Хитой билан ҳамкорликда сув хўжалигида янги технологиялар жорий этиш дастурини ишлаб чиқишга чақираман.

Президент хавфсизлик ва барқарорликнинг муҳимлигини таъкидлади. Қозоғистон Хитойнинг уни таъминлашдаги хизматини юқори баҳолашини кўрсатди.

Қосимўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қозоғистон биринчи навбатда Хитойнинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан тутган тинчликпарвар сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Пекиннинг барқарор ўсиш ҳамда умумий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини илгарилатишда ёрдамини аямайди. Биз Марказий Осиё минтақаси яратувчанлик ҳудуди бўлиши учун курашамиз. Минтақа геосиёсий тўқнашувлар саҳнасига айланишини қабул қила олмаймиз.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Хитойдаги давлат ташрифи ниҳоясида Сианда Қозоғистон Бош консуллиги очилишида қатнашди. Унда дипломатлар билан бирга миллий компаниялар ваколатхоналари ҳам жойлашади. Ташкилотлар тадбиркорлик алоқалари боғлаш ва уларни мустаҳкамлаш билан шуғулланади. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон  Шэньси провинциясида дипломатик ваколатхона очган Марказий Осиёдаги ягона давлат ҳисобланади.