Пойтахтда биродар шаҳарлар форуми ўтказилди

 Пойтахтда биродар шаҳарлар форуми ўтказилди

Ҳозир шаҳар мамлакат умумий ички маҳсулотининг 10 фоизини беради. Пойтахт билан биродарлашган шаҳарлар форумида Қосим-Жўмарт Тўқаев мегаполиснинг улкан салоҳиятини тилга олди. Астана жаҳоннинг энг жадал ривожланаётган пойтахтлари қаторига киради. Чорак аср ичида Астана ҳудуди 3, аҳолиси 4 марта ўсди. Экспертлар прогнозига кўра, 2030 йилга бориб, пойтахт аҳолиси икки миллионга етади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Астана тинчлик, тотувлик, эътиқодлараро мулоқот ва маънавий дипломатия майдончаси сифатида ном қозонишга улгурди.

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Пойтахтимизнинг келажаги ёрқин. Шунинг учун биз «яшил шаҳар» ғоясини рўёбга чиқаришга катта эътибор қиламиз. Пойтахтимиз биринчи навбатда аҳоли яшаши учун қулай бўлиши керак. Бундан ташқари, Астана минтақанинг энг йирик молия маркази. Жаҳоннинг 75 давлатидан келган 2 мингдан зиёд компания бизнесини юритиш учун "Астана" халқаро молиявий марказини танлади. Ҳозир у мамлакатга 8 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб этишга муваффақ бўлди. Бу эса жуда яхши кўрсаткич. Жаҳон сиёсатчилари Астанани тинчлик майдончаси, деб атайди. Унда турли мавқеда турган давлатлар ўзаро мулоқотни йўлга қўймоқда, муроса йўлини топмоқда. Пойтахт минтақанинг муҳим геосиёсий маркази сифатида ривожланишда давом этишига ишончим комил.

Давлат раҳбари шаҳарнинг уйғунликда ривожланиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Ундаги асосий мезон – аҳоли турмуш сифатининг юқори бўлиши ҳисобланади. Мегаполисни самарали бошқариш учун эса янги технологиялардан фойдаланиш керак. Астанада «ақлли шаҳар» концепцияси рўёбга чиқарилмоқда. Пойтахт бу йўналишда ҳам муваффақиятлар қозонди. У Intelligent Community Forum нуфузли халқаро ташкилотининг версиясига кўра жаҳондаги энг интеллектуал етук ҳамжамиятлар рўйхатида 21-шаҳар сифатида кирди. Қозоғистон пойтахти Марказий Осиё хабига айланмоқда. Форумда жаҳоннинг 19 давлатидаги шаҳар бошқаруви вакиллари, 1 минг 300дан зиёд делегат қатнашди.

Абдумалик Сарманов таржимаси