Ҳаёт

Jibek Joly телеканали «Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиомажмуаси» Нотижорат Ҳиссадорлик Жамияти таркибига киради. Jibek Joly 2022 йил 1 сентябридан қозоқ ва рус тилларида эфирга чиқа бошлади. Канал мамлакат ичида SilkWay оилавий кўнгилочар версиясини тақдим этади.

Jibek Joly контентининг ярмидан ортиғини мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ташкил этади. Улар орасида "Новое время" ва "Жаңа Уақыт" ахборот-аналитик дастурлари, «Кривошеев Live» ва «JJ Talk» ижтимоий-сиёсий ток-шоуси, «Ел» ижтимоий ток-шоуси, «Түнгі Студия с Нурланом Коянбаевым», «Жақсы адамдарым» ва бошқа кўплаб кўнгилочар лойиҳалар бор. Шунингдек, Jibek Joly эфирида қозоқ тилига дубляж қилинган жаҳон кинематографиясининг мегахитлари, машҳур сериал ва мультипликацион фильмлар, Silk Way архивидаги энг яхши кўрсатувлар мавжуд.

SilkWay – Jibek Joly телеканалининг халқаро эфирдаги тармоғи. SilkWay – Қозоғистон Республикасининг дастлабки миллий ер йўлдоши телевизион канали, тўрт қитъадаги 118 мамлакатга HotbIRD 13B, Galaxy 19 ва Measat 3A ер йўлдошлари ёрдамида кўрсатувлар узатади. Қозоғистон маҳсулоти канал контентининг 100 фоизини ташкил қилади.

SilkWay нинг умумий аудиторияси бугунги кунда 300 миллион томошабиндан зиёд. Телеканал дастурлари бир неча йўналишдаги мавзулардан иборат, Қозоғистон маданияти, анъаналари, тарихи, туристик ва инвестициявий имкониятларини намойиш қилади. Шунингдек, канал эфирида ҳар куни Қозоғистон ва Марказий Осиё билан боғлиқ долзарб янгиликлар бериб борилади.

Ер йўлдоши орқали узатиладиган Қозоғистоннинг халқаро канали 2002 йил 25 октябридан бошлаб қозоқ, рус ва инглиз тилларида иш бошлаган. 2018 йилда қўшимча равишда қирғиз ва ўзбек тилларида ҳам эфир узатиладиган бўлди. Кўп каналли форматда бўлгани учун рақамли телевидениенинг ҳар бир абоненти мавжуд 5 та тилдан ўзига мақбул бўлганини танлаши ва кўрсатувларни 100 фоиз шу тилда томоша қилиши мумкин.